10:26 | 05.01.24

                       

Тошкент бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари ўтказилади

Реконструкция даврида тадбиркорларга фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттириши таклиф қилинмоқда.

Тошкент шаҳрида озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида, бозорларда қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги аҳолига мурожаат билан чиқди.

Биринчи босқичда, пойтахтнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланади.

Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда.

Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган қулай шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади.

Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.

Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди.

«Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимларни Food city ва Tashkent Index савдо мажмуаларида иш билан таъминланади. Шу тариқа, бозорларни тартибга келтириш, кўчириш ёки реконструкция қилиш ишлари пойтахтимиз бўйлаб давом этади», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: