19:08 | 09.12.23

                       

Тошкент халқаро аэропортида катта қурилиш ва реконструкция ишлари бошланди

Халқаро терминални кенгайтириш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади ва 2025 йилнинг охирига қадар давом этади.

Uzbekistan Airports’нинг хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошланди.

Аэропорт терминалининг ўтказиш қобилияти йилига етти миллион йўловчини ташкил этади. 2023 йилда пойтахт аэропортида 6,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.

Халқаро терминални кенгайтириш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади ва 2025 йилнинг охирига қадар давом этади. Ушбу ишлар якунига етгач, ўтказиш имконияти йилига 13 миллион йўловчига етказилади.

Реконструкция натижасида халқаро авиақатновлар терминалининг майдони икки баробарга кўпаяди, жўнаб кетиш ҳудудига кириш йўллари ўзгаради, учиб келиш ва учиб кетиш заллари ягона мажмуага бирлаштирилади, терминалнинг иккинчи қаватида очиқ терраса пайдо бўлади.

Аэропортга транспортда кириш тизими ҳам ўзгаради: транспорт воситалари биринчи қават ёнига келишади, йўл ўтказгич эса бинонинг бир қисмига айланади. Учиб келиш залида 48 нафар йўловчи учун ўтиш йўлагига эга янги чегара назорат ҳудуди пайдо бўлади.

Учиб кетиш залида эса 50 та рўйхатдан ўтиш нуқтаси, катта ўлчамдаги багажларни топшириш пештахтаси, багажларни ўзи топшириш жойи, шунингдек, божхона ва юк назоратидан иборат янги йўловчиларни рўйхатга олиш зали қурилади. Бундан ташқари, самолётларга чиқиш учун кутиш майдонида – 800 ўринли кутиш жойи ва овқатланиш ҳудуди қуриб битказилади.

Реконструкциядан сўнг, пойтахт аэропортида олтита телетрап ишлайди, чиқиш дарвозалари сони эса 12 тани ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: