12:01 | 30.09.23

                       

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкент халқаро кинофестивали 2 октябрга қадар давом этади. Фестиваль тадбирларидан машҳур ва истеъдодли киноижодкорлар иштирокидаги маҳорат дарслари, машҳур фильмлар намойишлари, танлов дастурлари ва бошқалар ўрин олган.

29 сентябр куни Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда 300 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этди. Очилиш маросимидан аввал жаҳон ва Ўзбекистонга машҳур киноюлдузлар махсус ташкил этилган қизил йўлакдан ўтди.

Фото: Ўзбеккино

Тантанали маросимда франциялик машҳур актёр, ўзбек томошабинларига «Такси» фильмидаги роли билан таниш бўлган Фредерик Дифентал ҳам қатнашди.

Фото: Ўзбеккино

У андижон полкасига рақсга тушди. Тадбирда туркиялик машҳур хонанда Айла Челик қўшиқ куйлади.

Фото: Ўзбеккино
Фото: Ўзбеккино

Кинофестивал очилиш маросимида Миллий фильмлар танлови ғолиблари эълон қилинди ва тақдирланди. «Энг яхши актёр» номинациясида «101-рейс» фильмидаги роли билан марҳум актёр Ҳошим Арслонов ғолиб деб топилди. «Энг яхши актриса» номинациясида эса «Аёл қисмати» фильмидаги образи билан Раъно Шодиева ғолиб бўлди. Шунингдек, Али Ҳамроев «Самарқандда қовун таровати» фильми билан «Энг яхши режиссёр» мукофотини қўлга киритди. Қамара Камалованинг «Ким деяй сени» кинокартинаси эса «Энг яхши фильм» деб топилди.

Фото: Ўзбеккино
Фото: Ўзбеккино
Фото: Ўзбеккино

Очилиш маросимидан сўнг Канн халқаро кинофестивалида «Олтин пальма япроғи» мукофотини қўлга киритган, франциялик режиссёр Жюстин Триенинг «Қулаш анатомияси» фильми намойиш этилди.

Тошкент халқаро кинофестивали 2 октябрга қадар давом этади. Фестивал тадбирларидан машҳур ва истеъдодли киноижодкорлар иштирокидаги маҳорат дарслари, машҳур фильмлар намойишлари, танлов дастурлари ва бошқалар ўрин олган.

Фестивал тадбирлари, кинонамойишлар ва маҳорат дарслари бўйича барча маълумотларни tiffest.uz сайтидан олишингиз мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: