14:12 | 16.05.24

                       

Тошкент метрополитени ходими пора билан ушланди

Тошкент метрополитени ходими пора билан ушланди. У бировни 2 млн сўм эвазига ишга киритиб қўймоқчи бўлган.

Тошкентда пора олган метрополитен ходимига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тошкент метрополитени» ДУК «Ҳаракат» хизмати ходими Х.Н. исмли шахс фуқаро Д.М.нинг ишончига кириб, уни 2 миллион сўм эвазига ишга жойлаб қўйишга келишган ва ундан 1 миллион сўм миқдорида пора олаётган вақтда қўлга тушган.

Уни ушлаш бўйича тезкор тадбир ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан «Тошкент метрополитени» ДУКнинг «Режим тартибини таъминлаш» хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Х.Н.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодекси 168-моддасининг (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ўрнатилган тартибда ҳибсга олинган.

«Агар сиз, юқорида кўрсатилган коррупцион ҳолатга дуч келган бўлсангиз ёки метрополитен ходимлари томонидан ишга олиш эвазига сиздан моддий ёки номоддий навф талаб қилинган бўлса, ‘Тошкент метрополитени’ ДУКнинг расмий интернет саҳифаларига ёки +998 71 239 8930, +998 93 700 0325 телефонларига мурожаат қилинг!», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: