16:35 | 03.01.24

                       

Тошкент шаҳар экология бошқармаси фаолиятига хизмат текшируви тайинланди

Энди дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш фақатгина вазирликнинг тегишли бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида бир дона эман дарахтига қурувчилар томонидан шикаст етказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Тошкент шаҳар экология бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида Max Protsessing МЧЖ мансабдор шахслари томонидан бир дона эман дарахти тегишли агротехник талабларга амал қилинмасдан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманига кўчириб ўтқазилгани аниқланган. Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Max Protsessing МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми ва 229-моддаси билан жиноят иши
қўзғатилган.

Шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг тегишли буйруғига асосан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-153-моддаларига кўра. Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғининг фаолиятига хизмат текшируви тайинланган ва Ф.Д. 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралига қадар ишдан четлаштирилган.

Вазирнинг буйруғига асосан, хизмат текшируви давомида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимларининг фаолияти ҳамда 2021-2023 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ҳамда асослари ўрганилади.

  • Пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётганлиги, аҳоли томонидан дарахтларнинг кесилиши борасида кўплаб эътирозлар билдирилаётганлиги, қонунчиликка амал қилинмасдан дарахтларни кесишга ёки кўчиришга қайта-қайта рухсатнома берилаётганлиги сабабли Экология вазирлиги шу йилнинг 1 февралига қадар Тошкент шаҳар экология бошқармаси ваколатларини чеклашига тўғри келди.

Хусусан, энди дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш фақатгина вазирликнинг тегишли бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: