13:18 | 25.08.23

                       

Тошкент шаҳар Кенгаши 360 млрд сўмдан ортиқ маблағни нимага сарфламоқчи?

Энг катта улуш кам таъминланган оилалар учун ипотека кредитининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши 18 август куни 2023 йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 360,7 миллиард сўм маблағни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълум қилинишича, маблағ кам таъминланган оилаларга ипотека кредиларини молиялаштириш, Нукусда авариявий уйларни таъмирлаш, идора ва мансабдорларнинг ноқонуний ҳаракатлари ортидан етган зарарни қоплаш каби мақсадларга сарфланади.

Шунингдек, ажратилаётган сумма қуйидагича тақсимланади:

  • 3,9 миллиард сўм — Бектемир ва Яшнобод туманларининг электр узатиш тармоқларидаги қурилиш-монтаж ишларига;
  • 30 миллиард сўм — давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида зарар кўрган тадбиркорлар ва фуқароларга етказилган зарарни қоплашга;
  • 70,3 миллиард сўм — 1800 та кам таъминланган оила учун ипотека кредити бўйича дастлабки тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга;
  • 20,1 миллиард сўм — Нукус шаҳридаги кам таъминланган оилалар уйларининг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ва авария ҳолатидаги уй-жойларни қайта қуришга;
  • 0,5 миллиард сўм — «Янги Ўзбекистон» боғига туташ ҳудуддаги меҳмонхона мажмуасини сув таъминоти ва канализация тармоқларига улаш, шунингдек, ички йўлларни қуриш ва ободонлаштиришга;
  • 34,8 миллиард сўм — 2022 йилдан кейин пойтахтга қўшилган маҳаллалардаги ижтимоий инфратузилма объектлари ва бошқа объектларни таъмирлаш, қуриш ва ободонлаштириш ишларини якунлашга;
  • 35,7 миллиард сўм — ўтган йиллардаги ижтимоий соҳада қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича кредиторлик қарзларини қоплашга;
  • 3,16 миллиард сўм — прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази биносини таъмирлашга;
  • 21,5 миллиард сўм — 527-сонли (12,4 млрд) ва 194-сонли (9,09 млрд) давлат болалар боғчаларини реконструкция қилишга;
  • 6,16 миллиард сўм — Юнусобод туманидаги «Оқтепа» маҳалласида янги канализация тармоғини ўтказишга;
  • 39,75 миллиард сўм — туман ҳокимликлари қошидаги «Аёллар дафтари» жамғармаларини шакллантиришга;
  • 39,75 миллиард сўм — туманлар ҳокимликлари қошидаги «Ёшлар дафтари» жамғармаларини шакллантиришга;
  • 15 миллиард сўм — «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағларини шакллантиришга;
  • 26,5 миллиард сўм — Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантиришга;
  • 13,2 миллиард сўм — Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ишларини молиялаштиришга;
  • 250 миллион сўм — фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Пенсия жамғармасининг Юнусобод ҳудудий бошқармасида ходимлар фаолиятини махсус қурилмалар орқали баҳолаш ва электрон навбат тизимларини жорий этишга.

Маълумот ўрнида, Кенгаш ўз мажлисларини жонли эфирда намойиш этишни тўхтатган.

Эслатиб ўтамиз, 4 январ куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан шаҳар ва унинг туманларининг 2023 йилги бюджети 7 триллион 740 миллиард сўм миқдорида тасдиқланганди. Бу 2022 йил учун аввал тасдиқланган бюджетдан 1 триллион 69 миллиард сўмга кўп.

Бундан аввал, 2022 йилнинг декабрида Молия вазири Тимур Ишметов давлат харажатлари 257,7 триллион сўм прогноз қилинаётгани ҳақида хабар берганди. Давлат бюджети даромадлари тўғрисида ҳам маълумот берилиб, прогноз 232,1 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоиз даражасида эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: