12:31 | 23.11.23

                       

Тошкент шаҳрида Миллий гвардия ходими билан жанжаллашган эркак қўлга олинди

Эркак чиқиндиларни пиёдалар йўлагига қасддан ташлаган ва гвардия ходимининг маъмурий жазо ҳақида огоҳлантиришини менсимасдан, у билан жанжаллашган.

Миллий Гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси маълум қилишича, Сергели туманида жойлашган «Сергели» деҳқон бозорида 2023 йилнинг 12 ноябр куни Миллий гвардия ходими ушбу ҳудудда бир фуқаро томонидан қўлидаги пластик сув идиши ва қоғозларни ерга (белгиланмаган жойга) ташлагани учун уни тўхтатиб, ўзини таништириб, у ташлаган чиқиндиларни йиғиштириб олишини ва белгиланган жойга ташлашини сўраб, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш ва атроф-муҳитни ифлос қилгани учун маъмурий жазо борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Ушбу фуқаро эса атроф-муҳитни ифлос қилгани ва белгиланмаган жойга чиқинди ташлагани учун ўзини заррача ҳам айбдор ҳис қилмасдан, аксинча хизмат вазифасини бажараётган ходимга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг қонуний талабларига очиқдан-очиқ бўйсунмасдан, уни ҳақорат қилиб, фаол жисмоний қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг, Миллий гвардия ходими ўзини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликни бартараф этиш мақсадида куч ишлатишга мажбур бўлган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур ҳолатни содир этган шахс 1981 йилда туғилган, Шайхонтоҳур туманида доимий яшайдиган, муқаддам судланган, оилали, муайян бир меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган фуқаро С. Ж. экани аниқланиб, қўлга олинган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: