16:39 | 20.02.24

                       

Тошкент – Варшава – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилади

Тошкент – Варшава – Тошкент йўналиши бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилади. Парвозлар ҳафтасига уч марта – душанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

«LOT Polish Airlines» авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати

Қайд этилишича, биринчи йўловчи рейси 2024 йил 14 мартга белгиланган.

«Биз Варшавани ўтказиш пункти сифатида танлаган транзит йўловчилар учун ҳам, охирги манзили Полша пойтахти бўлганлар учун ҳам қулай жадвал ишлаб чиқдик. Варшава орқали транзит қилаётганлар 4 соатдан камроқ вақт ичида қулай уланишлар билан ‘LOT Polish Airlines’нинг Скандинавия, Ғарбий ва Марказий Европадаги кенг йўналиш тармоқларидан фойдаланишлари мумкин», деди авиакомпания бош директори.

Тошкент – Варшава – Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига уч марта – душанба, пайшанба ва шанба кунлари Boeing 737 MAX 8 самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган. Авиаташувчи апрел ва май ойларида қўшимча парвозларни амалга ошириш режасини ҳам эълон қилди. Қўшимча рейс ҳафтанинг сешанба куни Варшава – Тошкент йўналишида, қайтиш эса чоршанба куни амалга оширилади.

«Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди. ‘LOT Polish Airlines’ Ўзбекистон фуқаролари учун Европа шаҳарларига, европаликлар учун эса Ўзбекистон шаҳарларига пандемиядан сўнг парвозларни очган биринчи Европа авиакомпаниясига айланади. Биз буни авиакомпания ва аэропорт ўртасидаги оддий ҳамкорликдан кўра кўпроқ деб биламиз – ушбу ҳамкорлик ҳар икки томон туризмини ривожлантиришда янги саҳифа очади. Биринчи парвоз билан биз полшалик журналистлар, блоггерлар ва туроператорларнинг катта гуруҳини кутмоқдамиз. Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда икки кунлик дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унда меҳмонлар Ўзбекистон маданияти, меъморчилиги ва ўзбек миллий таомлари билан яқиндан танишадилар», — деди «Uzbekistan Airports» раҳбари Жавлонбек Умарходжаев.

«LOT Polish Airlines» — 1929 йилда ташкил этилган ва бош-қароргоҳи Варшавада жойлашган Полша авиакомпанияси. Авиакомпания дунёдаги энг қадимги, йирик ва аъзолар сони кўп бўлган – Star Alliance аъзоси ҳисобланади. Авиакомпания паркига 80 га яқин самолётлар киради ва унинг йўналишлар тармоғи 100 дан ортиқ йўналишларни ўз ичига олади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: