21:51 | 06.03.24

                       

Тошкент вилояти туман ва шаҳарларидаги «ўсиш нуқталари» таҳлил қилинди

Паркент туманининг хушманзара жойларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, микроавтобуслар қатновини ташкил этиш, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш таклиф этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 март куни Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент вилоятида 15 та туман ва 7 та шаҳар бор. Ҳудуд қулай географик маконда, воҳа ва водий вилоятларини пойтахтимиз билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлагида жойлашган.

Лекин вилоятнинг иқтисодий ривожи мавжуд салоҳиятга умуман мос эмас. На савдо, на ер-сув, на транспорт-транзит имкониятларидан тўла фойдаланилаяпти. Баъзи кўрсаткичлар бундай қулайликлар бўлмаган айрим чекка ҳудудлардагидан ҳам паст.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ишга солинмаётган имкониятлар, бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Пойтахт жадал ривожланаётгани ҳолда унинг ёнидаги вилоят ҳудудлари бу суръатдан ортда қолмоқда. Масалан, Тошкент, Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманларида саноат ҳажми ёндош пойтахт туманларига нисбатан бир неча баробар кам. Қурилиш соҳасида ҳам шу аҳвол.

Бир қатор кичик тадбиркорлар фаолиятини тўхтатган. 29 та йирик корхонада ҳамда Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ишлаб чиқариш камайган. Вилоятда экин ерлари кўп бўла туриб, Андижон билан деярли бир хил ҳажмда маҳсулот етиштирилган.

Ҳудудларнинг бор салоҳияти даромадга айланмаяпти. Сабаби «ўсиш нуқталари»ни топиш ва ишга солиш бўйича ҳокимларда ташаббус етишмаяпти. Айрим ҳокимлар ҳатто ўз ҳудудида «пастга тушмаган», тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини кўпайтиришга ҳаракат қилмаган.

Йиғилишда вилоятдаги шаҳар ва туманлар мутасаддилари ўз фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Давлат томонидан улар учун барча имкониятлар яратилган. Лекин ҳамма туманларда ҳам ривожланиш бир хил эмас. Хусусан, Паркент, Янгийўл, Чиноз ва Оққўрғон туманларида туризм, транзит ва иқтисодий қулайликлар кўп бўлсада, тараққиётдан орқада. Шу боис, Президент топшириғига мувофиқ, улардаги ҳақиқий ҳолат, имкониятлар ва тадбиркорларнинг таклифлари ўрганилди.

Йиғилишда шу борадаги таҳлиллар, мазкур туманларнинг «ўсиш нуқталари» тақдимот қилинди. Жумладан, Паркент туманининг хушманзара жойларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, микроавтобуслар қатновини ташкил этиш, йўл бўйида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш таклиф этилмоқда. Паркентсой, Қизилсой ва Човлисойнинг муҳофаза ҳудудини аниқ белгилаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш орқали бўшайдиган ерлардан самарали фойдаланиш ҳам мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: