16:16 | 15.09.22

                       

Тошкент вилоятида дори воситаларини қалбакилаштириш билан шуғулланган яширин цех аниқланди

У ердан 3,18 млрд сўмли дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган

Тошкент вилояти Янгийўл туманида сифатсиз дори воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи яширин цех фаолиятига чек қўйилди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, Янгийўл тумани солиқ инспекцияси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департмент, ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, туман ИИБ ходимлари ҳамкорлигида «Региштон» МФЙда тезкор тадбир ўтказган.

Тадбирда фуқаро О.Жумаев ва бошқалар жиноий тил бириктириб 44-сонли турар жой биносида сифатсиз дори воситаларини савдога киритиш билан шуғулланувчи яширин цех ташкил этгани аниқланган. Улар яроқлилик муддати ўтган дори воситаларининг ёрлиқларини ўзгартириб, савдога чиқарган.

Фото: ЎзА

Тезкор тадбир иштирокчилари О.Жумаевнинг уйидан 34 турдаги 445 минг 61 дона сифатсиз дори воситаларини, сохта штамплар, муҳр ва притерни ашёвий далил сифатида олган. Мусодара қилинган дори воситаларининг қиймати 3,18 миллиард сўмдан ошади. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида қўлбола «порошок» ишлаб чиқарган яширин цех аниқланганди. Шунингдек, Наманганда қалбаки дорилар ишлаб чиқараётган яширин цех аниқлангани ҳақида хабар берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: