23:20 | 10.11.23

                       

Тошкент вилоятида эркак синфдошини болта билан чопиб ташлади

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, у содир этган жинояти учун 17 йилга қамалган.

Тошкент вилояти Тошкент туманида эркак синфдошини болта билан чопиб ташлади. Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, воқеа 2023 йилнинг 5 июнида содир бўлган. 45 ёшли Қаҳрамон. Қ. 5 июн куни маст ҳолда синфдоши Музаффар. А. ухлаб ётганида, уни аввалига мушт билан урган, ўзини йўқотиб қўйганидан фойдаланиб эса ўтин чопишда ишлатиладиган болта ёрдамида унинг бош, юз, ўнг қўл ва чап қовурғаларига зарба берган.

Музаффар. А. воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан 2023 йилнинг 4 октябр куни бўлиб ўтган судда айбланувчи марҳум Музаффар. А. ва яна бир синфдоши 2023 йилнинг 1 июн куни спиртли ичимлик дўконида уни ҳақорат қилиб, шундан сўнг келиб чиққан жанжалда бўғиб, урганини айтган. Орадан тўрт кун ўтиб, 5 июн куни Қаҳрамон. Қ.нинг танишлари чойхонада ичиб ўтирган пайтларида 1 июн куни бўлган воқеани эслатиб, Музаффар. А. уни ноҳақ урганини айтган ва Қаҳрамон. Қ.ни янада ғазаблантирган.

Шундан сўнг, у танишларининг таклифи билан Абдумалик исмли кишининг далаҳовлисига дам олиш учун борган ва у ерда Музаффар. А.ни каравотда ухлаб ётган ҳолатда учратган. Айбланувчининг сўзларига кўра, ўша пайтда уйғонган Музаффар. А. унга яна ўша куни бўлган воқеани эслатиб, «бундан ҳам бадтар қилиш» билан таҳдид қилган. Бундан жаҳли чиққан Қаҳрамон. Қ. синфдошини аввал қўли билан, сўнгра болта билан бир неча бор уриб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Судда марҳумнинг укаси айбланувчи учун энг олий жазони сўраган. Суд ҳукмига кўра, Қаҳрамон. Қ. Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан айбли деб топилиб, 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: