11:53 | 19.02.24

                       

Тошкент вилоятида иссиқхона газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Қибрай туманида газга ноқонуний уланиб, 7 дона иситиш қозони орқали табиий газдан ўғринча фойдаланиб келган иссиқхона аниқланди. Ҳисоб китобларга кўра, корхона давлатга 605,3 млн сўмлик зарар етказган.

Тошкент вилоятида иссиқхона табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, тизимга 605 миллион сўмдан зиёд зарар етказди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, вазирлик ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан Бош прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар, шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида назорат тадбири ўтказилган. Унда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.

Хусусан, Қибрай туманида жойлашган «М.О.А.П.» МЧЖга қарашли иссиқхона хўжалиги газ таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келганлиги боис тармоқдан ажратилган. Шунга қарамасдан, иссиқхона хўжалиги эгалари газ қувурининг кириш қисмидаги зулфинларга ўрнатилган тамғаларни ўзбошимчалик билан узган ҳолда, тармоққа қайта уланиб, 7 дона иситиш қозони орқали табиий газдан ўғринча фойдаланиб келаётган экан.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 605,3 миллион сўм (403,5 минг кубометр табиий газ)ни ташкил этган. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: