12:30 | 12.01.24

                       

Тошкент вилоятида қудуқ қазувчи ишчини тупроқ босиб қолди – видео

Bugun.uz маълумотларига кўра, ишчи қудуқдан чиқариб олинган ва тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳодиса шу йилнинг 11 январ куни тахминан соат 11:30 ва 12:00 лар оралиғида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри «Ибн Сино» МФЙда жойлашган хусусий мактаб ҳудудида содир бўлган. Қудуқ қазиётган 1987 йилда туғилган ишчини тупроқ босиб қолган.

Олинган маълумотларга кўра, мактаб ҳудудида ва умуман Олмалиқ шаҳрида техник сув билан боғлиқ муаммо борлиги сабабли экинларни суғориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қудуқ қазилаётган бўлган. Шу мақсадда қудуқ қазиш билан шуғулланувчи фирманинг икки вакили шу ишга жалб қилинган.

Тахминан 3-3,5 метр қазилганидан сўнг, тўсатдан қудуқ ичида ишлаётган ишчининг қорин ва кўкрак қисмигача бўлган танасининг қисминини шағал аралаш тупроқ кўмиб қўйган. У ўзи чиқишга урингани билан ҳаракатлари наф бермаган ва янада чуқурроқ кўмилиб қолаверган.

Мактаб ходимлари дарҳол Фавқулодда вазиятлар ходимларига хабар берган. Ходимлар 7 дақиқа ичида етиб келиб, жабрланувчини қудуқдан чиқариб олишни бошлаган. Қутқарув ишлари 3-4 соат давом этган. Тупроқнинг жуда бўшлиги ва шағалли экани сабабли қутқарув ишлари қийин кечган.

«Бир челак тупроқ олинса, яна ярим челак тупроқ қудуқ ичига тўлиб қоларди», дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Узоқ уринишлардан сўнг, ишчи қудуқдан чиқариб олинган ва тиббиёт ходимларининг назоратига олинган. Қон босими ўлчанган, тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган. Унга ҳеч қандай зарар етмагани, ўзини яхши ҳис қилаётганини билдирган. Қудуқ қазиш ишлари тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент аҳаҳрида беш кишини тупроқ босиб қолиши оқибатида улардан икки нафари ҳалок бўлгани, бир нафари шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: