12:34 | 13.01.24

                       

Тошкент вилоятида тадбиркор канал бўйига сифатсиз балиқларни ташлаб кетди — видео

Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, балиқ овловчилар жаримага тортилган. 200 дан зиёд балиқ эса мактаб интернатига берилган.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали атрофига балиқлар ташаб кетилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шу атрофда яшовчи маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, бир неча кун аввал номаълум тадбиркор томонидан автотранспорт воситасида қирғоқ бўйига сифати бузилган балиқлар ташлаб кетилган. Тадбиркорнинг шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар органларига мурожаат қилинган.

Тошкент вилояти Экология бошқармасининг Bugun.uz’га маълум қилишича, шу йилнинг 11 январ куни олиб борилган тадбир давомида 8 нафар фуқаро томонидан каналда ноқонуний тарзда балиқ овланаётганлиги аниқланган. Уларнинг ёнида 200 донадан зиёд товон балиғи борлиги маълум бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Балиқлар шу куннинг ўзида Чиноз туманида жойлашган 4-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатига топширилган. Шунингдек, рейд давомида Бўзсув канали атрофида эгасиз балиқ овлаш мосламалари — лоткалар борлиги аниқланиб, суд тартибида кўриб чиқилгунга қадар вақтинча сақлаш учун олиб қўйилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларнинг еттитаси — Э.И, Х.Ф, Х.Д, Д.Г. В.А, С.А, Х.Б.гa Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Фуқаро K.M.гa эса ушбу модданинг 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробарида жарима чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: