21:29 | 02.12.23

                       

Тошкент вилоятидаги ҳибсхонада 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди

Йигит ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўзини ўлдирган.

Тошкент вилоятида жойлашган ҳибсхоналардан бирида 22 яшар йигит ўзини ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ИИББ берган хабарга кўра, ҳодиса Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳибсхонасида содир бўлган.

Маълум бўлишича, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми «б» банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган, 2001 йилда туғилган А.Ў. олдин ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «а» банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиш) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу йилнинг 1 декабр куни соат тунги 02:30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган А.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойначасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган.

Тайинланган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими «бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия» оқибатида юз берганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: