18:19 | 03.03.24

                       

Тошкент вилоятидаги мактабда Миллий гвардия ходимига тан жароҳати етказилди

Мактаб ҳудудида хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходимининг фаолиятига қаршилик қилган 20 ёшли фуқарога жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги мактабда Миллий гвардия ходимига тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда гвардия ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1 март куни соат тахминан 13:00 да тумандаги 4-мактабда хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходими юқори синф ўқувчиларининг ўзаро жанжаллашаётганини кўриб қолиб, ҳолатни бартараф этишга киришган.

Шу вақтда профилактика инспектори ҳам етиб келиб, Миллий гвардия ходими билан биргаликда ўқувчиларни тинчлантиришга киришган. Ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б.нинг чақируви билан ташқаридан етиб келган акаси ҳамда унинг икки шериги эса ходимларнинг огоҳлантиришига қарамасдан жанжалга аралашган. Тарафларнинг хатти-ҳаракатларини ва қаршиликларини тўхтатиш чорасини кўрган Миллий гвардия ходимига шу жойда тан жароҳати етказилган.

Мактабдаги ташвиш тугмаси орқали чақирилган ҳамда тезкорлик билан етиб келган Қўриқлаш тезкор гуруҳи томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилган ҳолда Миллий гвардия ходимининг хизмат вазифасини бажаришига қаршилик қилганлар қўлга олиниб, туман ички ишлар бўлимига топширилган.

Дастлабки суриштирув ишлари давомида ташқаридан мактаб ҳудудига кириб, жанжалга аралашган ва ходимларга фаол қаршилик кўрсатган фуқаро ушбу мактабнинг 10-синф ўқувчиси М.Б нинг акаси Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи 20 ёшли И.Б. экани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича Зангиота тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро И.Боқиев ЖПКнинг 221-моддаси асосида ушланиб, унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги масала ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан жиноятга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш борасида ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳолат юзасидан Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан мазкур таълим муассасасида ўқувчиларнинг ота-оналари, педагог ходимлар, маҳалла еттилиги, сектор раҳбарларининг масъул вакиллари билан учрашув ўтказилиб, юқоридаги ҳолат атрофлича муҳокама қилинди ҳамда келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: