16:37 | 24.01.24

                       

Тошкент вилоятининг тўртта туманидаги иссиқхоналар фаолияти ўрганилмоқда

Мониторинг 31 январгача давом этади.

Экология вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл туманларида жойлашган иссиқхоналар фаолияти ўрганилмоқда.

Фото: Экология вазирлиги

Мақсад Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани, шунингдек, юқоридаги ҳудудларда атмосфера ҳавосини сезиларли ёмонлашгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган турли мурожаатлар юзасидан экологик мониторинг ўтказишдир.

Фото: Экология вазирлиги

Таъкидлаш жоизки, кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Охирги беш йилда иқтисодиётда кўмир истеъмолининг ўсиш суръати 22 фоиздан ошган. Агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна кўмир ишлатилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 8,3 миллион тоннадан ортган.

Фото: Экология вазирлиги

Мониторинг давомида иссиқхоналарда фойдаланилаётган ёқилғи турлари, ёқиш қурилмаларининг ҳолати тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда. Шунингдек, иссиқхоналарга берилган давлат экологик экспертизасининг хулосаларида белгиланган меъёрларга риоя этилганлиги ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, иссиқхоналарда атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий ташланма манбалардан ҳосил бўладиган ифлослантирувчи газларни тозалаш қурилмалари ўрнатилганлиги ҳам текширилмоқда.

Қолаверса, ҳар бир иссиқхонага қонуний тартибда фаолият кўрсатиш лозимлиги, акс ҳолда тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: