20:12 | 08.02.24

                       

Тошкентда 2023 йилда 200 дан ортиқ вояга етмаганлар судланди

Bugun.uz мухбирининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида 2023 йилда судланган шахсларнинг 959 нафари аёллар, 205 нафари вояга етмаганлар ва 80 нафари чет эл фуқароларини ташкил қилади. 108 624 нафар шахсга нисбатан 93 660 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган.

Тошкент шаҳар судида пойтахт судларининг 2023 йилдаги фаолият якунлари ҳамда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Тошкент шаҳар суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди раҳбарлари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2023 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

Хусусан, Иқтисодий судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимовнинг маълум қилишича, ўтган 2023 йил даври мобайнида шаҳар бўйича жами 88 861 та даъво аризаси киритилган ва ундан 79 073 таси кўриб чиқилиб, 67 772 та ҳолатда даъво талаблари қаноатлантирилган. Кўрилган ишлар сони эса ўтган йилги шу даврга нисбатан 15.3 фозига кўпайган.

Фуқаролик судлов ҳайъати раиси Бобир Исломовнинг сўзларига кўра, 2023 йилда 162 287 та иш кўриб чиқилган. МИБга юборилган ижро ҳужжатларининг 60 фоиздан ортиғининг ижроси таъминланган. Унинг қўшимча қилишича, кўрилган ишларнинг 23 фоиздан ортиғи оила муносабатларига доир бўлиб, 2022 йилдагига қараганда 138 тага камайган.

Жиноий судлов ҳайъати раиси Акбарали Туробов келтирган ҳисоботларга кўра, 2023 йил давомида жами 11 156 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган, 152 нафар шахс эса оқланган. Тергов органлари томонидан қўйилган айбловларнинг 293 таси асоссиз деб топилган. Шунингдек, у ўтган йили бир нафар шахсга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганлигини маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, судланган шахсларнинг 959 нафари аёллар, 205 нафари вояга етмаганлар ва 80 нафари чет эл фуқароларини ташкил қилади. 108 624 нафар шахсга нисбатан 93 660 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: