14:48 | 11.07.24

                       

Тошкентда 3 ёшли болани 12 марта пичоқлаган эркак қамоққа олинди

Тошкентда 3 ёшли болани 12 марта пичоқлаган эркак қамоққа олинди. Прокурорнинг илтимосномасига кўра, суд-психиатрия экпертизаси ўтказиш белгиланди.

Тошкентда 31 ёшли аввал судланган эркак ўзи билан бирга яшайдиган аёл билан жанжаллашиб, унинг 3 ёшли ўғлини елка, бош ва кўзларига пичоқ тиқиб, ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Аниқланишича, эркак норасмий хотини билан жанжаллашиб, аламини унинг ўғлидан олган ва 12 маротаба пичоқлаган.

Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокурори гумонланувчи С. М.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ва суд-психиатрия экпертизаси ўтказиш тўғрисида илтимоснома тақдим этган. Мазкур ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан кўриб чиқилган.

Суднинг 2024 йил 10 июлдаги ажримлари билан илтимосномалар қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи С. М.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, суд-психиатрия экпертизаси ўтказиш белгиланди.

Маълумот учун, гумон қилинувчига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумотларга кўра, эркак 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган, оилали, маълумоти – ўрта-махсус, муқаддам судланган, ишсиз ҳисобланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: