18:25 | 13.11.23

                       

Тошкентда автобус ёниб кетди — видео

Ёнғин ҳайдовчи ўриндиғи орқасидаги электр симларидан келиб чиққан.

Тошкент шаҳрида йўловчи ташишга мўлжаллаган автобус ёниб кетгани ҳақда хабарлар тарқалди. Ушбу ҳодисага «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ муносабат билдирди.

Айтилишича, ҳолат бугун, 13 ноябр куни соат 16:30 да содир бўлган. Оқибатда, «12-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги, давлат рақами 01|947 YJA бўлган MAN русумли автобуси ёниб кетган. Ёнғин қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 16:36 да етиб бориб, ёнғин бартараф этилган. Ҳодиса натижасида жабрланганлар ва жароҳат олганлар бўлмаган.

Дастлабки маълумотга кўра, ёнғин автобус ҳайдовчиси ўриндиғи орқасида жойлашган электр симларининг бирлашган блок қисмида қисқа туташув натижасида содир бўлган. Компания шунингдек, автобус кафолат муддатида тасарруф этилаётганлигини инобатга олиб, ёнғиннинг аниқ сабаби автобус ишлаб чиқарувчи завод «TRUCK and BUS MOTORS» МЧЖ мутахассислари билан биргаликда аниқланаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан ҳам хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: