22:47 | 23.01.24

                       

Тошкентда боғча тарбияланувчиларини ечинтириб, тегажоғлик қилган МТМ мудирасининг ўғлига суд ҳукми ўқилди

У 5-6 ёшли тўрт нафар қизнинг хонасига кириб, мажбурлаб ечинтирган ва жинсий эҳтиёжини қондиришга уринган.

Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида МТМ мудирасининг ўғли 5-6 ёшли қизларнинг хонасига кириб,  уларни ечинтиргани ва шу орқали ўзининг жинсий эҳтиёжини қондиришга урингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, ушбу мактаб ёшидаги йигитга нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилган.

Келтирилишича, 2024 йилнинг 23 январ куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида вояга етмаган Х. Ш. га (2008 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судяси Ж. Курбанов раислигида Жиноят-просессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, Х. Ш. Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 85-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «в» бандига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони тарбия колонияларда ўташ белгиланган.

Хабарда шунингдек, биринчи инстансия судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: