10:35 | 16.01.24

                       

Тошкентда Буюк Британиялик олим, экология соҳаси мутахассиси, муҳандис, профессор Ҳамид Пуран иштирокида учрашув бўлиб ўтди

Тадбир Экология вазирлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети томонидан ташкил этилди.

Тошкентда Буюк Британиялик олим, экология соҳаси мутахассиси, муҳандис, профессор Ҳамид Пуран иштирокида «Яшил мулоқот: барқарор ривожланишга чуқур шўнғиш» мавзусида очиқ маъруза бўлиб ўтди. Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Central Asian Green University) томонидан ташкил этилди.

Фото: Экология вазирлиги

Маъруза давомида профессор Ҳамид Пуран бугунги иқлим ўзгаришининг динамикаси ва ўзига хос хусусиятлари, оқибатлари ҳақида қизиқарли фактлар ҳамда ўз кузатувлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, минтақадаги мавжуд институтларнинг, хусусан, 2023 йилда фаолиятини бошлаган Central Asian Green University’нинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги ўрни ва вазифалари ҳақида гапирди.

Фото: Экология вазирлиги

 «Ўзбекистонда ҳукумат томонидан экология соҳасида асосий эътибор янги билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда инновацион технологияларни яратишга қаратилган. Central Asian Green University’нинг ташкил этилиши бу фикрнинг яққол исботидир, — деди Пуран. — Ушбу таълим муассасаси яшил келажак учун қўйилган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади».

Маъруза соҳага оид қизиқарли муҳокамалар билан давом этди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Фото: Экология вазирлиги

Маълумот учун, профессор Ҳамид Пуран – халқаро олим, экология ва атроф-муҳит муҳандислиги соҳасида катта тажрибага эга тадқиқотчи- эксперт, Нанотехнология ва атроф-муҳит бўйича Трансатлантика ташаббуси (ТИНЕ) ва Қироллик кимё жамияти (МРСЦ) илмий ҳамжамиятларининг ҳурматли аъзосидир. У, шунингдек, BBC World телеканалининг атроф-муҳит бўйича маслаҳатчиси бўлиб, BBC World News’нинг «Чанг-қум бўронлари» ҳужжатли филмида ишлаган.

Шу билан бирга, Шотландия халқаро ва стратегик ишлар марказининг экология бўйича эксперти ҳисобланади. Ҳамид Пуран ҳозирда Central Asian Green University’да ректорнинг таълим масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: