20:25 | 29.11.23

                       

Тошкентда «Click»нинг сохта операторлари банк картасидан 250 млн сўм ўмарди

Сохта операторлар 15 йилгача қамалиши мумкин.

Шу йилнинг апрел ойида Ўзбекистондаги йирик банклардан бири ҳисобланган Infinbank’дан 57 миллиард сўм ўғирланганди. Bugun.uz воқеа қандай содир бўлгани ва нима билан тугагани ҳақида мақола тайёрлаганди. Ушбу «Аср ўғрилигининг» қаҳрамонлари ҳисобланган ҳакерларнинг режаси бўйича банкдан ечилган пуллар 500 дан ортиқ банк карталарига ўтказилиши ва ундан сўнг бир нечта криптовалюта ҳисобларига жўнатилиши керак бўлган.

Тошкент шаҳрида яна кибержиноят содир этилиб, пойтахтнинг Яшнобод туманида яшовчи 38 ёшли Г.О. ўзининг банк картасидан 250 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини номаълум шахс томонидан ўғирлатгач, ички ишлар органларига ариза ёзган.

Маълум бўлишича, банк картасидан пулларни ўмарганлар — Яшнобод туманида яшовчи 26 ёшли Н.Г, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 26 ёшли И.М. ва Андижон вилоятида яшовчи 18 ёшли Т.Х. жабрланувчининг телефонига қўнғироқ қилиб, ўзларини «Click» оператори сифатида таништиришган. Хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, жами 250 миллион сўм миқдоридаги суммани ўтказиб олган сохта операторлар пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Г.,Т.Х. ва И.М.ларнинг аввал содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар ушбу модда банди билан 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аввалроқ, Самарқандда кибержиноят содир этилиб, фуқаронинг банк картасига 15 миллион сўм кредит расмийлаштирилгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: