21:40 | 05.06.24

                       

Тошкентда «Далилларга асосланган ҳаракат» мавзусида I халқаро конгресс ташкил қилинди

Тошкентда «Далилларга асосланган ҳаракат» мавзусида I халқаро конгресс ташкил қилинди. Конгрессда Россия Миллий тиббий радиология бош директори Ўзбекистонга ёрдам беришини айтди.

Тошкент шаҳрида «Далилларга асосланган ҳаракат» мавзусида I халқаро конгрессда Россия Миллий тиббий радиология илмий маркази бош директори Андрей Каприн иштирок этди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Далилларга асосланган ҳаракат» мавзусидаги болалар онкологияси ва гематологияси бўйича I халқаро конгрессда Россия Миллий тиббий радиология илмий маркази бош директори Андрей Каприн иштирок этиб, бундай конференцияни ташкил этгани учун Шавкат Мирзиёевга ва биринчи хонимга ўзининг миннатдорчилигини билдирди.

«Болалар онкологияси дунёдаги энг долзарб мавзулардан бири. Тошкентдаги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази кўп жойларда мавжуд эмас. Аксар ҳолларда онкологик касалликларга учраган болалар умумий поликлиникаларда даволанишади. Бундай марказларнинг бўлиши онкологик касалликларни чуқурроқ ўрганишга замин яратади. Бундан ташқари генетик, молекуляр ўзгаришлар, мия трансплантациялар соҳасида илмий изланишлар олиб борилаётган Россия ва бошқа дунёдаги энг тажрибали марказлар билан ҳамкорлик қилиш имконини беради», — деди Россия Миллий тиббий радиология илмий маркази бош директори Андрей Каприн.

ЖССТга кўра, болалар орасида саратоннинг олдини олиш кўп ҳолларда имконсиз бўлганлиги сабабли, унинг юкини камайтириш ва касаллик кечишининг натижаларини яхшилашнинг энг самарали стратегияси — ўз вақтида ва тўғри ташхис қўйиш, сўнгра самарали далилларга асосланган даволаш ва шахсга йўналтирилган ёрдам кўрсатишдир.

«Мен 30 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассисларни танийман, улар жуда ҳам тажрибали. Албатта кадрлар энг асосий ишни бажаради, Шунинг учун бу конгресс ёш мутахассисларга лойиҳаларнинг кўламини ҳис қилиш имконини беради ва янги йўналишларни англашга хизмат қилади. Мамлакатингиз бундай касалликларга қарши курашишга бел боғлаган. Биз эса бунга ёрдам берамиз», — деди Андрей Каприн.

Ушбу вазифаларни бажариш йўлида тажриба алмашиш майдонига айланиши кўзда тутилган мазкур конгресс Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ЖССТ, Халқаро болалар онкологияси жамияти, Европа онкология мактаби билан ҳамкорликда ташкил қилинган.

Андрей Каприннинг алоҳида таъкидлашича, дунёда онкологияга эътибор бироз сусайган вақтда мазкур конгрессни ташкил этилиши масалага бўлган эътиборни янада оширади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: