20:39 | 10.05.24

                       

Тошкентда дарс вақти қарта ўйнаб ўтирганини видеога олган ўқувчилар бошқа мактабга ўтган

Тошкентда синфдошлари дарс вақтида қарта ўйнаб ўтирганини видеога олган ўқувчилар бошқа мактабга ўтгани маълум бўлди. ММТБ 2 йил аввалги видео яна тарқатилгани «ташвишли» эканини айтди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактабда ўқувчилар қартабозлик қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. ММТБ ҳолатга изоҳ берди.

Маълум қилинишича, видеолавҳада акс этган воқеа бундан икки йил аввал, яъни 2022/2023-ўқув йилининг тахминан октябрь–ноябрь ойларида Мирзо Улуғбек туманидаги 187-мактабда кузатилган. Ўқувчилар устозига билдирмасдан қартабозлик қилишган, бу ҳолатни ўқитувчи кўрмаган.

Бу воқеа ўша пайтнинг ўзида мактаб маъмурияти, ички ишлар ходимлари, психолог, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилиниб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Ўз навбатида, ўқувчиларнинг ота-оналаридан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан жарималар ундирилган. Ҳолатни тасвирга олган ўқувчилар ўқув йили охирида бошқа мактабга ўтган.

«Афсуски, эски видео тасвирнинг қарийб икки йилдан сўнг, яна ижтимоий тармоқ саҳифаларида қайта чоп этилганлиги ташвишланарлидир», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда тарих дарси вақтида қарта ўйнаган мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва синф раҳбари жазоланганди.

«Сўнгги пайтларда таълим муассасаларида ‘Давомат’, ‘Тиғ’ каби тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши айрим ота-оналарга ёқмаётганлигини яширмаймиз.

Шундай экан, Сизлардан илтимос, фарзандингизнинг фақат мактабга бориши эмас, балки унинг папкасида нималар борлиги, кўча-кўйда кимлар билан ўртоқлиги, дарсларни қандай ўзлаштираётганлиги билан ҳам қизиқсангиз айни муддао бўлур эди», — деган эди ММТБ.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: