10:19 | 18.01.24

                       

Тошкентда Green University фаолиятини ривожлантириш ва тарғиб қилиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда экология вазири Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

Экология вазирлигида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети  (Green University) ҳамда Экология вазирлиги вакиллари ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Экология вазирлиги

Учрашувда Экология вазири А.Абдуҳакимов, вазир маслаҳатчиси С.Парк, университет ректори Ж.Салихов ва ректорнинг ўқув ишлари бўйича маслаҳатчиси, профессор X.Пуран иштирок этган. Учрашувда 2024 йил феврал ойида бакалавриат (таъсис йили) ва магистратура таълим йўналишлари бўйича биринчи ўқув семестрини бошлашга тайёргарлик кўраётган Green Universityʼни ривожлантириш ва тарғиб қилиш бўйича келгусидаги ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилган.

Фото: Экология вазирлиги

Шунингдек, университетнинг ўқув базасини тизимли ривожлантириш, жумладан, мавжуд дастурлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш соҳасидаги қатор муҳим масалалар муҳокама қилинган.

Ректор Ж.Салихов таълим компонентини ишлаб чиқишда инновацион ёндашув муҳим эканлигини, бунда таълим соҳасидаги халқаро экспертлар муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлади. Хусусан, экология соҳасида олим ва муҳандис, британиялик профессор Пуран университет учун илғор жаҳон тажрибасига асосланган, миллий ва минтақавий контекстларнинг ўзига хос хусусиятларини ўз ичига олган ноёб академик дастурларни ишлаб чиққан.

Фото: Экология вазирлиги

Ҳозирги кунда университет маъмурияти ҳамкорлик учун Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ ва бошқа давлатлар халқаро университетларининг турли профессорларини фаол жалб этмоқда. Йиғилишда талабаларнинг чет тилларини академик ва илмий йўналишларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўрганишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, университет ҳудудида кутубхона фондини шакллантириш орқали очиқ академик ресурслар маълумотлар базасини ривожлантириш ва мавжуд академик дастурларни рақамлаштириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.

Фото: Экология вазирлиги

Ўз навбатида, Экология вазири А.Абдуҳакимов қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва уларни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур ресурслар билан таъминлашга тайёрлигини билдирган. Томонлар ушбу ҳамкорлик атроф-муҳит ва иқлимшунослик соҳасида инновацион ютуқларга олиб келиши, шунингдек, соҳада малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилишига ишонч билдирган.

Шунингдек, ректор Ж.Солиҳов таклиф этилган етакчи хорижий экспертлар иштирокида турли долзарб экологик мавзуларда «Яшил мулоқот-2024» бепул ва барча учун очиқ маърузалар туркумини ўтказиш ташаббусини илгари сурган.

  • Маълумот учун, 2024 йил январ ойида ушбу туркум доирасида иккита маъруза ўтказиш режалаштирилган эди, улардан бири муваффақиятли ўтказилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: