16:35 | 26.07.24

                       

Тошкентда автобус ҳайдовчиси «Қора рўйхат»га олинди

Тошкентда хавфли монёврларни амалга оширган автобус ҳайдовчиси «Қора рўйхат»га олинди (видео).

Тошкентда йўл қоидаларини менсимаган ҳайдовчи ушланди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, King Long русумли автобус йўл қоидаларини қўпол равишда бузиб, хавфли ҳолатни келтириб чиқарган. Ушбу ҳолат маъсуллар томонидан муҳокама қилиниб, шаҳар кўчаларида қарама-қарши ҳаракатланиб хавфли монёврларни амалга оширганли ва авария ҳолатини келтириб чиқарганлиги учун автобус ҳайдовчиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Маълумотларга кўра, қўпол қоидабузарлик содир этгани учун меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳайдовчиларнинг электрон базаси, яъни, «Қора рўйхат»и жорий этилган бўлиб, унга кўра ушбу ҳайдовчилар автобус саройи филиалларига қайта ишга олинмасликлари қатъий белгиланган. 58-сонли автобус ҳайдовчиси Ф.С. ҳам ушбу қора рўйхатга киритилганлиги айтилди.

Бундан ташқари, қоидабузарлик чоғида йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйганлиги сабабли, ҳайдовчи Ф.С.ни ҳайдовчилик гувоҳномасидан махрум қилиш юзасидан Жиноят ишлари судига махсус тақдимнома киритилган.