13:54 | 26.09.23

                       

Тошкентда икки йўловчи автобус йўлини тўсиб, жанжал кўтарди

Автобус ҳайдовчиси белгиланмаган жойда тўхташни истамаган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида автобус ҳайдовчиси ва йўловчилар ўртасида тортишув бўлаётгани акс этган видео тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат «Тошшаҳартрансхизмат» томонидан автобус салонига ўрнатилган видеокузатув камералари воситасида ўрганиб чиқилган. Аниқланишича, ҳолат 2023 йилнинг 25 сентябр куни соат 19:59 да содир бўлган. 93-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси А.Ғ. Юнусобод 9-даҳасидан Food City савдо маркази томон ҳаракатланиб кетаётган вақтда автобус салонидаги йўловчилардан бири ундан белгиланмаган жойда тўхташни талаб қилган. Ҳайдовчи белгиланмаган жойда тўхтай олмаслигини айтганидан сўнг йўловчи уни ҳақорат қилиб, унга халал берган.

Тортишув натижасида йўловчи ва унга ҳамроҳлик қилувчи аёл автобусдан тушиб, унинг олд томонига туриб олган ва 15 дақиқа давомида ҳаракатланишига тўсқинлик қилган. Ҳозирда воқеа юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

«Ҳурматли йўловчилар! Жамоат транспортида ҳаракатланиш қоидаларига амал қилишингизни ва юқоридаги каби ҳолатларга гувоҳ бўлганингизда ‘Тошшаҳартрансхизмат’ АЖнинг 1062 ишонч рақамига мурожаат қилишингизни илтимос қиламиз», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: