12:35 | 12.02.24
10 феврал куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда IUCN бош директори Гретел Агилар, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Марказий Осиё давлатлари экология вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Гретел Агилар билан учрашув ўтказган. Учрашувда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш билан бирга Тошкентда IUCN бош офисини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинганди.
Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Халқаро Табиатни Муҳофаза қилиш Иттифоқи (IUCN) билан ҳамкорликни кенгайтиргани ва минтақа экологиясини муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиргани таъкидланган. Шунингдек, IUCNʼнинг Ўзбекистондаги офиси очилиши узоқ ва самарали ҳамкорлик кафолати эканлиги қайд этилган.
«Ҳозирда сайёрамиз 3 та асосий муаммо — иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва атмосфера ҳавоси ифлосланиши билан юзлашмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча давлатлар бирга ҳаракат қилиши лозим. Биз Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари билан бирга минтақамиз экотизимини ҳимоя қилишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширяпмиз. IUCN офисининг очилиши эса бу борадаги муҳим қадамлардан биридир», — деди Гретел Агилар.
Ўз навбатида Азиз Абдуҳакимов IUCN офисининг очилиши ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини қайд этган.
«Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш жуда катта аҳамият касб этади, — деди вазир. — Биргаликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерларни тиклаш, иқлим ўзгариши шароитида барқарорликни таъминлаш ва бошқа мақсадларга хизмат қиладиган лойиҳаларни йўлга қўйганмиз. Бу, албатта, бугунги минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади. IUCNʼнинг Тошкентдаги офиси Марказий Осиё давлатлари, ҳамкорлар ва экспертлар ҳамжамиятлари билан яқинроқ алоқа ўрнатиш имконини беради».
Очилиш давомида меҳмонлар IUCN офисини кўздан кечирган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: