21:37 | 09.12.23

                       

Тошкентда IUCN ваколатхонасини очиш жараёни бошланди

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Дубайда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг бош директори билан учрашди.

Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси —COP28 доирасида шаҳардаги «Ўзбекистон» павилонида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN)) бош директори Гретел Агуилар билан учрашди. Экология вазирлигининг хабар беришича, Абдуҳакимов Г. Агиларни бош директор лавозимига тайинлангани билан табриклаб, IUCN билан яқин ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек, Ўзбекистонда қўшма экологик лойиҳаларни амалга оширишга умид билдирган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Биз Ўзбекистон ҳукуматига Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон бой биохилма-хиллик ва маданий меросга эга бўлганлиги сабабли дунёнинг жуда муҳим қисмидир. Шундай экан, бундай давлат билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф»,- деган Гретел Агилар.

Учрашувда Марказий Осиёда биринчи IUCN ваколатхонасини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Бу ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Келажакда бу идора МДҲ мамлакатлари учун Марказий Осиёда марказ бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ваколатхона Марказий Осиё давлатлари, ҳамкорлар ва экспертлар ҳамжамиятлари билан яқинроқ алоқа ўрнатиш имконини беради», – деган Экология вазири.

Маълумот учун, IUCN’нинг Тошкентдаги ваколатхонасининг очилиш маросими 2024 йилнинг феврал ойида бўлиб ўтадиган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (CMS COP14) иштирокчилари томонлар конференциясининг 14-йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

COP14 давомида IUCN павилони, қўшма тадбирлар ва кўргазмалар ҳам ташкил этилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: