19:15 | 01.12.23

                       

Тошкентда кечқурун аёлларни ичкарига киргизмаган кафе эгаси жаримага тортилди — видео

Кафе ички қоидаларига кўра, соат 22:30 дан кейин аёлларни киритиш мумкин бўлмаган.

Шу йилнинг 18 ноябр куни журналист Инобат Ахатова қариндошлари билан биргаликда турк чойи ҳисобланган бардак чой ичиш учун кафега борган. Кафе ходимларидан бири эса кечқурун 22:30 дан кейин кафега аёлларнинг кириши мумкин эмаслиги, бу уларнинг ички қоидаси эканлигини билдирган.

Фото: Инобат Ахатованинг Facebook саҳифаси

Сўнгра Ахатова ҳолат бўйича ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига пост жойлаган. Бу эса кенг жамоатчилик томонидан турли муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан 29 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-2-моддаси билан З.Т. ва Х.Х.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суд қарорига кўра, улар жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш моддаси билан айбдор деб топилишган ҳамда ҳар бири БҲМнинг 20 баравари — 6 миллион 600 минг сўмдан жаримага тортилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: