16:14 | 19.12.23
Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бир нечта ташкилотлар кўмагида «Қаҳрамонлар вақти» болалар экологик ҳаракати лойиҳаси томонидан ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги «Томоша» болалар мусиқали театр-студиясида «Кичик эко-қаҳрамон» болалар экологик мукофотининг биринчи тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, ONA жамоат фонди, «Корзинка» ва «Дафна» ташкилотлари кўмагида «Қаҳрамонлар вақти» болалар экологик ҳаракати лойиҳаси томонидан ташкил этилган.
Тадбир доирасида йил давомида ушбу эко-ҳаракат тадбирларида фаол иштирок этиб, тенгдошлари ўртасида экологик одатларни тарғиб қилган болаларга экологик паспорт, махсус нишонлар ва 12 та номинация бўйича ғолибларга совғалар топширилган. Номзодлар орасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро, Сирдарё, Андижон, Фарғона, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидан икки ёшдан 16 ёшгача бўлган эко-ҳаракат фаоллари ва кичик табиат ҳимоячилари ҳам бор.
«Ёш авлодни тарбиялаш, уларда тўғри одат, муносабат ва қадриятларни шакллантириш Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан амалга оширилаётган энг муҳим ташаббуслардан биридир. Биз учун биринчи навбатда онгли авлодни вояга етказишда иштирок этиш муҳим, — деди Экология вазири маслаҳатчиси Суна Парк. — Асосий ўзгаришлар болалардан бошланади. Агар болалар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари кераклигини ўргансалар, демак, барча ислоҳотларимиз ва саъй-ҳаракатларимиздан кўзланган мақсадимизга эришган бўламиз».
Тадбир дастурида «Томоша» театри болалар ижодий жамоалари иштирокидаги маърифий-кўнгилочар шоу компонентлари, шунингдек, болалар китоби муаллифи Мадина Мўминованинг «Қаҳрамонлар даври» болалар эко-сценарийсининг учинчи китоби – Anubis Maymunus ва ғойиб бўлган ҳайвонларнинг арвоҳлари» тақдимоти бўлиб ўтган.
«Бугун ёшларимизнинг экологик билими ва масъулияти ортиб бормоқда. Улар атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалашга қаратилган Clean games ўйинлари, плоггинг ва бошқа тадбирларда фаол иштирок этиб келишмоқда, — деди Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси раиси Ширин Обидова. — Қолаверса, табиатга бефарқ бўлмаган волонтёр ёшлар сафи ҳам ортиб бормоқда. Кейинги йилларда ҳам эко-фаол ёшларимиз сафини янада кенгайтириш ва экологик муаммоларнинг бартараф этишга доир турли ташаббусларни амалга ошириш ниятидамиз».
Тадбир давомида ўзбек эстрадаси юлдузлари Севара Назархон ва Сабина Мустаеванинг чиқишлари, мактаб ёшидаги болалар орасидан танлаб олинган эко-фаоллар иштирокида шоу, «Эко-қаҳрамон» паспорти ва эсдалик совғалари билан тақдирлаш маросими ўтказилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: