13:10 | 17.01.24

                       

Тошкентда Lada ва Spark ўртасида ЙТҲ содир бўлди

Bugun.uz'га ҳодиса бўйича маълумот берган Lada ҳайдовчиси ИИО ходимлари воқеага бепарво ўтиб кетишганини билдирди.

Bugun.uz маълумотларига кўра, ҳодиса 16 январ куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 20-мавзесида Катта Хирмонтепа кўчасида тахминан соат 19:20 ларда содир бўлган.

Ҳодиса Spark ҳайдовчиси йўлнинг қарама-қарши қисмига бурилиб олаётганида содир бўлган. Ҳайдовчи унинг ортидан келаётган Lada’ни кўрмай қолган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида иккала автомобилга жиддий шикаст етган. Lada ичида бўлган ҳайдовчи ва Spark’даги 3 киши тан жароҳати олмаган.

«Камарни таққаним ва ҳаво ёстиқчаси ишлаб кетгани сабабли менга ҳеч нарса қилмади», дейди Lada ҳайдовчиси.

Шунингдек, ҳайдовчи 102 хизматига 19:22 да қўнғироқ қилган бўлишига қарамасдан ЙПХ ходимлари 20:00 дан кейин етиб келганини билдирди. Ҳатто воқеа жойидан машинада ўтиб кетган Ички ишлар ходимлари ҳам уларга эътибор қаратмай, тўхтамасдан ўтиб кетишган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Lacetti йўл бермаслиги оқибатида Lada Vesta ағдарилиб кетгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: