12:33 | 27.03.24

                       

Тошкентда пиёдалар йўлакчасидан ҳаракатланган Damas ҳайдовчиси жазоланди

Тошкентда йўл тирбанд бўлгани учун «мажбурлигидан» пиёдалар йўлакчасидан ҳаракатланган Damas ҳайдовчиси жазоланди. Ҳайдовчининг айтишича, у ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач ҳаракатланган (видео).

Ижтимоий тармоқларда Damas автомашинаси пиёдалар йўлакчасида ҳаракатланаётгани акс этган видеолар тарқалди. ИИББ ЙҲХБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Иззат кўчаси бўйлаб ҳаракатланган Damas автомашинасига турли воситалар ўзбошимчалик билан қўйилган. Автомашинанинг давлат рақамидаги ҳарфлар ҳам яхши кўринмайдиган ҳолатга келиб қолган.

Ҳайдовчининг айтишича, у дастлаб пиёдалар йўлакчасига қараган ва ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач ҳаракатланган. Бу ишни йўл тирбанд бўлгани учун қилганини айтган. Бундан ташқари, у машинасига ноқонуний равишда мигалка, сиреналарни ўрнатгани аниқланган.

Таъкидланишича, у янги ташкилотга январь ойидан ишга кирган ва ушбу воқеадан кейин у билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Damas автомашинаси ҳайдовчисига нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома тузилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдончасига қўйилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: