Гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи психотроп ва синтетик дори воситаларининг айланмасига қарши курашиш борасида, жойларда кучайтирилган назорат-рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Юқори Чирчиқ туманида тунги хизматга жалб қилинган патрул-пост хизмати ходимлари ва ҳудудий профилактика инспектори томонидан «Жумабозор» ҳудудида шубҳали кўринган 2000 йилда туғилган икки нафар шахс (А.С. ва С.Ж)лар тўхтатиб текширилган.
Натижада ушбу шахсларнинг ёнидан 28 дона қизил полиетилен пакетларда қадоқланган таркибида фаол гиёҳванд модда бўлган (экспертиза хулосаси) синтетик воситалар борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Ўрганишлар давомида улар гиёҳвандлик воситаларни белгиланган жойларга яшириб, жойлашув манзилини мобил телефонлари орқали суратга олиб буюртмачига юборишлари маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-модда 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.