15:56 | 06.01.24

                       

Тошкентда текин палто тарқатган дўкон раҳбари ва ишчиларига жазо тайинланди — видео

«Текинга палто 300 дона» деб номланган сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган хабарлар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шу йилнинг 4 январ куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Brand rows номли савдо дўконида эркаклар учун 300 дона қишки палто маҳсулотлари текинга тарқатилиши режалаштирилиб, бу хабар «Текинга палто 300 дона» деб номланган сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Натижада кўплаб фуқаролар ушбу дўконга ташриф буюрган ва дўкон олдида тартибсизликлар юзага келган.

ИИББнинг хабар беришича, шу ҳудудда хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари ходимлари аралашуви билан жамоат тартиби сақланиб, вазият назоратга олинган, ҳеч ким жароҳатланмаган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан ўтказилган текширув натижасида Brand rows номли савдо дўкони раҳбари 25 ёшли С.И.гa Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддаси (оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш)га асосан, ушбу дўконнинг тўққиз нафар ишчиларига кодекснинг 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига тақдим этилган.

Суд томонидан С.И.гa базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари, тўққиз нафар фуқароларга ўн баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: