22:21 | 23.11.23

                       

Тошкентда ўткир вирусли инфекцияларга чалиниш кескин ортмоқда

ССВ вазири вирусли инфекцияларга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Куз-қиш мавсуми кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анча ортади. Ушбу хасталикка чалинишнинг асосий улуши Тошкент шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Натижада пойтахтдаги болалар клиник шифохоналарига юкламалар йилнинг бошқа даврларига нисбатан ошгани учун вазирлик мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.

Бугун, 23 ноябр куни Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда Тошкент шаҳридаги барча клиник шифохоналар раҳбарлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вакиллари ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати масъуллари иштирок этди. Вазир шифохоналарга тушаётган юкламаларни тезда камайтириш, бемор болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур чоралар кўриш бўйича масъулларга шошилинч топшириқлар берган.

Жумладан, Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш белгиланди.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратининг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли «103» хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилди.

Шу йилнинг 25 ноябридан вазирлик томонидан тез тиббий ёрдам хизматига 29 та тўлиқ жиҳозланган «ISUZU» русумдаги автомашиналари тиббий бригадалар билан доимий фойдаланиш учун ажратилиши айтиб ўтилди.

Пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 72 та оилавий поликлиникада эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача бўлган муддатда чақирув бўйича тиббий бригадалар фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур бригадалар «103» хизмати ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уйда қолдирилган ёки шифохонага ётқизилмасдан уйга қайта олиб келинган ва амбулатор шароитда даволанаётган беморлар рўйхати аниқланиб, кўрсатма асосида онлайн ва жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: