13:04 | 22.01.24

                       

Тошкентда «Тоза ҳаво керак» флешмобини уюштирган ўқувчиларнинг директори босимга учради

Унга тушунтириш хати ёздириб олишган ҳамда флешмоб тармоқлардан мажбуран ўчиртириб юборилган. Bugun.uz мухбири мактаб директори билан боғланиб, ҳолат бўйича маълумот олди.

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 170-сонли мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари шу йилнинг 17 январь куни пойтахт ҳавосининг ифлосланишига эътибор қаратиш мақсадида «Тоза ҳаво керак» флешмобини ўтказган. Флешмобда мактабнинг 3, 7, 8, 11-синф ўқувчилари қатнашиб, турли чақириқлар ёзилган баннерлар билан суратга тушган.

Бу бўйича биринчи бўлиб экофаол Ферузбек Сайфуллаев ўзнинг Twitter саҳифасида ёзиб қолдирди.

Bugun.uz маълумотларига кўра, ўша куни мазкур суратлар ижтимоий тармоқларда тарқала бошланганидан сўнг мактаб директори Мавжуда Мирзокировна шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига чақиртирилган.

Унга тушунтириш хати ёздириб олишган ҳамда флешмоб тармоқлардан мажбуран ўчиртириб юборилган.

«Бу флешмоб ўқувчиларни тозаликка ўргатиш мақсадида олинган эди. Болаларга ватанимизни севиш, асраш, тоза сақлаш, чиройли яшашни кичкиналигидан сингдириш вазифамиз. Аммо флешмоб нотўғри талқин этилган. Менинг фикримни ҳамма ўзига хос тарафини олган ва ўзининг фикрича тушунган. Бу доим бўлиб келган. Синфда 30 нафар бола бўлса, ўқитувчи мавзуни бир хил тушунтиради, лекин болалар ҳар хил қабул қилади», дейди у Bugun.uz мухбирига.

Бундан мактаб ўқувчиларининг кичик флешмоби таълим бошқармасидагилар томонидан норозилик намойиши сифатида қабул қилинган деган хулосани олиш мумкин. Чунки ўқитувчига нисбатан босимлардан кейин у бу ҳақида бирор жойга айтишга иккиланиб қолган. Шартнома асосида универистетда ўқийдиган фарзандлари борлигини, улар учун ҳали ишлаши зарурлигини айтиб, батафсилроқ маълумот беришни рад этди.

«Озгина қон босимим ошди, лекин хурсанд бўлдим. Бу флешмобнинг ортидан кўпчилик билан танишиб олдим. Ҳимоя қиладиганларим кўплигини ҳам билиб олдим. Ҳаммага раҳмат! Янада чиройли ғоялар билан ишлашда давом этамиз», дея ҳикоя қилиб беради у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: