11:33 | 19.05.24

                       

Тошкентда ушланган бир гуруҳ жиноятчиларга суд ҳукм ўқилди

Тошкентда ушланган бир гуруҳ жиноятчиларга суд ҳукм ўқилди. Жиноятчилардан бири ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида ушланган жиноятчиларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида жиноий гуруҳ аъзолари ушланган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, улар жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 19 апрель кунидаги ҳукмига кўра 1972 йилда туғилган Умаров Лутфилла Рихсиллаевич Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан олти йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг 16 май кунидаги ҳукмига кўра, 1954 йилда туғилган Ибодов Ниёз Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноятчилардан бири 1969 йилда туғилган Султанов Баходир Касимович эса Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят кодексининг 34-моддасига (Рецидив жиноят) асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: