12:15 | 11.01.24
Bugun.uz маълумотларига кўра, элчихонадаги датчиклар атайин салбий натижаларни кўрсатиши ҳақидаги хабарлар ҳам ёлғон ҳисобланади.
Тошкент шаҳридаги АҚШ элчихонасида ўрнатилган ҳаво сифатини назорат қилувчи қурилманинг бузилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, ушбу қурилма шаҳардаги бошқа ускуналарга қараганда ҳавонинг «салбийроқ» кўрсаткичларни қайд этиб келгани айтилди. Bugun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида элчихона ходими билан боғланди.
Элчихона вакилининг маълум қилишича, қурилмага ҳеч қандай зарар етмаган, аксинча техник муаммолар режали таъмирлаш билан боғлиқ бўлган. Элчихонадаги датчиклар 10 январ кунининг иккинчи қисмидан яна нормал иш фаолиятига қайтган ва маълумот узатишни бошлаган.
Элчихона вакилларига кўра, бундай қурилмадан элчихонада фақат биттаси ўрнатилган бўлиб, гарчи шаҳарнинг бошқа қисмларидаги кўрсаткичлар фарқ қилса-да, элчихонадаги қурилма шаҳардаги ҳаво ифлосланиш даражасини умумий тарзда ифодалай олади.
АҚШнинг EPA компанияси томонидан ишлаб чиқилган ҳаво сифатини мониторинг қилувчи бундай қурилмалардан (beta attenuation monitoring – BAM) бошқа кўплаб дипломатик постларда, шу жумладан, Марказий Осиёдаги барча элчихоналарида фойдаланилади.
BAM-1020 бу саноат томонидан тасдиқланган бета-нурларини пасайтириш тамойилидан фойдаланган ҳолда ҳаводаги заррачалар контсентрацияси даражасини (куб метр учун миллиграмм ёки микрограмда) автоматик равишда ўлчайдиган ва қайд этувчи узлуксиз заррачалар мониторидир. Айни пайтда бутун дунё бўйлаб минглаб BAM-1020 қурилмалари жойлаштирилган ва бу қурилмалар дунёдаги энг самарали ҳаво мониторинги платформаларидан бири сифатида кўрилади.
Таъкидланишича, элчихонадаги датчиклар атайин салбий натижаларни кўрсатиши ҳақидаги гаплар ёлғон ҳисобланади. Боиси, элчихонадаги ҳаво сифати мониторига ҳар ой хизмат кўрсатилади ва текширилади. Бундан ташқари, АҚШнинг Wilbur Technical Services компанияси мутахассислари ҳаво сифати мониторини калибрлаш учун ҳар йили Тошкентга келиб туради.
«Биз унинг тўғри сақланишини таъминлаймиз, шунда у энг аниқ ўлчовларни бериши ва нафақат элчихона, балки бутун Тошкент учун маълумотлар манбаи бўла олиши мумкин, худди биз Қўшма Штатлардаги ҳар қандай йирик шаҳар учун қилганимиз каби», дейди элчихона ходими.
Ҳаво сифати ҳақидаги маълумотлар Тошкентдаги монитордан автоматик равишда EPAʼнинг AirNow.gov платформасига узатилади. Исталган киши монитордан 2018 йилгача бўлган тарихий маълумотларни юклаб олиши мумкин.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: