10:34 | 04.01.24

                       

Тошкентдаги «Эски ТошМи» тиббиёт академияси биноси бузилаётгани рад этилди

Ҳолат ўрганилганда ҳеч қандай қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаётгани аниқланган.

Тошкент шаҳридаги «Эски ТошМи» тиббиёт академиясининг биноси бузилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳолат ўргангани бўйича маълумот берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Билдирилишича, пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган «Эски ТошМи» (Тиббиёт 29-сон даволаш бўлими академияси) биноси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган. Мазкур тиббиёт муассасаси XIX асрда қурилган бўлиб, ҳозирда бино давлат мулки ҳисобланади.

2024 йилнинг 3 январ куни Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан муаммо жойига чиққан ҳолда ўрганилганида ҳеч қандай қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаётганлиги аниқланган. Тиббиёт маскани маъмуриятига бинода қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли рухсатномаси асосида ва лойиҳа-сметаларини тақдим этган ҳолда иш бошлаш кераклиги алоҳида тушунтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда VI—ХII асрларга оид бўлган маданий мерос объектига шикаст етказилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: