21:21 | 14.12.23

                       

Тошкентдаги хонадонлардан бирида 7,5 млрд сўмлик пул ва буюмлар ўғирланди

Улар орасида уч дона Николай II тангалари, тилла қошиқ сингари нарсалар бўлиб, Bugun.uz бу буюмлар қиймати ва ўғирлик ҳақида батафсил маълумот беради.

Тошкент шаҳрида жойлашган хонадонлардан бирида 7,5 миллиард сўмдан ортиқ қийматга эга пул ва бошқа буюмлар ўғирланди. Bugun.uz’даги мавжуд маълумотларга кўра, ўғирланган нарсалар орасида битта 16 минг ва иккита 18 минг долларлик зирак, икки дона 15 минг, битта 13 минг, битта 16 минг долларлик зумрад ва бриллиант билан безатилган узук ва зираклар ҳам бўлган. Шунингдек, бир дона 165 минг долларлик бриллиант ҳамда бир дона 10 минг долларлик ситрин тошлар билан безатилган оқ тилла узук ҳамда қимматбаҳо бир қанча тақинчоқлар, Россия подшоси Николай II нинг 250 минг долларлик 3 дона тангаси, 1500 долларлик тилла қошиқ, зайтун ёғи идиши, аёллар ҳамёнлари, салфеткалар, атир, шоколадлар, қулоқчин, кумуш қошиқлар тўплами, selecum номли гугурт қутиси, пластик карта ҳамда 7 минг АҚШ доллари ва 2000 евро пул маблағи, iPhone, Nokia телефонлари жами — 7 миллиард 616 миллион 150 минг сўмлик нарсалар ўмарилган.

Ўғирлик 2022 йилнинг 28 декабр куни соат 11:30 ларда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Бўзбозор кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига муқаддам беш марта судланган Сардор Раҳматуллаевнинг бир нечта жиноий шериклари билан тил бириктириб, эшик қўнғироғини чалиш орқали уйда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, девордан ошиб уйга кириши билан содир этилган.

Улар ушбу телефон аппаратлари ва тақинчоқларни «Янгиобод» бозорида эски буюмлар сотувчиси Муқаддас Намозовага 250 минг сўмга сотишган. Сотувчи буюмларни ўғирлаганлардан бири бўлмиш Олимжон Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи. Раҳматуллаевнинг айтишича, ўғирлик режаси ҳам айнан Ҳамдамовдан чиққан.

Суд Сардор Раҳматуллаевни аввалги жазонинг ўталмай қолган қисмига қўшиб 14 йил, унинг аввал қамоқда бирга жазони ўтаган дўсти Фарруҳбек Исмоиловни 9 йил, Ҳамдамов ва унинг хотини Намозовани 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Жабрланувчининг шикояти инобатга олиниб, кейинчалик бўлиб ўтган апелляция инстанция ишида Ҳамдамовнинг жазо муддатига яна икки йил қўшилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: