13:26 | 10.02.24

                       

Тошкентдаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида дискотека уюштирилди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида 9 февраль куни тунда дискотека уюштирилди. «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров бундай базм Навоий ҳайкали ёнида ўтказилишини «маънавий жиноят» деб атади.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида тунда дискотека уюштирилди.

9 февраль куни тармоқларда тарқалган видеоларда ушбу базм Навоий туғилган кунига бағишлаб ўтказилгани айтилади.

«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаш раиси Алишер Қодиров ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Дискотека ўтказиладиган жой бор! Бу жой қанча умидлар билан ўзбек тили ва адабиёти ҳимоячиларини тайёрлашни мақсад қилган университет эмас!

Бундай тўда базмни Навоий ҳайкали пойида ўтказилиши маънавий жиноят эканига шубҳа йўқ, амалдаги қонунчиликка кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлдир!

Биз Навоийни тушунмаяпмиз деб қайғураётган бир вақтда, аслида биз Навоийни мазах қилиш даражасида манқуртлашиб кетибмизми?» — деб ёзади мутасадди.

Унинг таъкидлашича, ҳолат юзасидан расмийлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-моддаси 1-қисми (Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш) билан жаримага тортилиши мумкин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳозирча ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: