8:25 | 07.03.24

                       

Тошкентдаги саноат корхоналари босқичма-босқич шаҳардан ташқарига кўчирилади

Пойтахтдаги саноат корхоналарини босқичма-босқич шаҳардан ташқарига кўчириш режалаштирилгани, бу Тошкент вилояти учун катта имконият экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев 6 март куни Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Чиноз туманида савдо-кўнгилочар мажмуа ва замонавий балиқ бозори барпо этиш, йўл бўйида савдо ва хизматларни кенгайтириш, хонадонларда иссиқхоналарни кўпайтириш каби имкониятлар ҳисоб-китоб қилинган.

Оққўрғонда саноат ривожланмагани сабабли кўплаб хотин-қизлар Тошкент шаҳри ва бошқа туманларга қатнаб, тўқимачилик корхоналарида ишламоқда. Шундай корхоналарни тумандаги бўш бинолар ўрнида ташкил қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари туманлар иқтисодиётини соғломлаштириш бўйича чораларни кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга вилоятнинг барча ҳудудларини шундай таҳлил қилиб, қўшимча «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш, даромад манбаларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Бу борада бир қатор режалар ҳам бор. Хусусан, Оҳангарон туманида Ўзбекистон–Венгрия саноат зонаси ташкил этилиб, 100 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади. Ангрен эркин иқтисодий зонасида маиший техника, металл прокат, мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 400 миллион долларлик, «Элтех индустриал» технопаркида 260 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиб, иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Пойтахтдаги саноат корхоналарини босқичма-босқич шаҳардан ташқарига кўчириш режалаштирилгани, бу Тошкент вилояти учун катта имконият экани таъкидланди.

Ўзини ўзи банд қилган инсонларнинг кичик бизнесга ўтиши, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг ишини яна тиклашига кўмаклашилади. Томорқаларда Чиноз тажрибаси бўйича ихчам иссиқхоналар, кооперация асосида маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади.

Шунингдек, жорий йилда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини 5 миллионга, туризмда экспортни камида 300 миллион долларга етказиш чоралари бўйича фикр алмашилди. Хотин-қизлар ва ёшларни касбга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: