17:50 | 08.02.24

                       

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси қамоққа олинди

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раисига нисбатан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасига кўра қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва яна бир қанча моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Анвар Жўраевга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Анвар Жўраевга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 7 февралдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи А. Д.га нисбатан «қамоққа» олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, гумонланувчи 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: