11:28 | 01.12.21

                       

Туркия Марказий Осиё мамлакатида давлат тўнтаришига тайёргарлик кўргани айтилди

Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Туркия Қирғизистонда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўрмоқда» сарлавҳаси остидаги хабарга муносабат билдирди. Бу ҳақда «Knews» хабар берди.

Фото: «Коммерсант»

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 26 ноябрь куни «Lenta.ru» интернет сайти саҳифасида эълон қилинган ушбу хабар сохта ва ҳақиқатга мос келмайди.

«Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси расман маълум қиладики, хорижий давлатлардан ҳеч бири Қирғизистоннинг ички сиёсий ишларига аралаша олмайди ва Давлат қўмитаси ҳеч қандай аралашувга, шунингдек, ташқи кучлар томонидан содир бўлаётган жараёнларга таъсир кўрсатишга уринишига йўл қўймайди», — дейилади хабарда.

«Lenta.ru»да эълон қилинган хабарга кўра, қирғиз хавфсизлик кучлари республикада давлат тўнтаришини амалга оширишга тайёргарлик кўраётган бир гуруҳ шахсларни қўлга олган. Нашр ушбу маълумотни ҳарбий мухбир Семён Пеговнинг «WarGonzo» Telegram каналига таянган ҳолда берган. Семён Пеговнинг ўзи эса ушбу ахборотни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалардан олганини қайд этган.

«Хавфсизлик ходимларининг сўзларига кўра, жиноятчилар аллақачон Туркия билан алоқага чиққан бўлиб, уларнинг ортида Туркия билан алоқадор нотижорат ташкилотлар ва Қирғизистонда фаол иш олиб бораётган турли турк фондлари турибди. Аммо ҳозирча у Фатҳуллоҳ Гулен ҳомийлик қилаётган ташкилотларми ёки расмий Анқара томонидан молиялаштирилган тузилмаларми, аниқ эмас.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қўшимча қилишича, айни пайтда мамлакатда амалдаги ҳукуматни ағдаришда иштирок этишни ва исён ташкилотчиларини қўллаб-қувватлашни режалаштирган яна бир неча ‘ухлаб ётганʼ гуруҳлар бор. Тўнтаришга тайёргарлик кўраётган гуруҳнинг ҳибсга олиниши республикадаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган бошқа барча кучлар, биринчи навбатда, ташқи кучлар учун сигналдир», дейилган «Lenta.ru» хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда давлат тўнтариши амалга оширмоқчи бўлган гуруҳ қўлга олинганди. Улар орасида депутатлар ва собиқ амалдорлар ҳам борлиги қайд этилганди. Шунингдек, Қирғизистонда 2020 йилги тартибсизликлар бўйича суд иши бошланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: