21:00 | 23.03.24

                       

Туркия полицияси ИШИД га алоқадорликда гумонланган 24 кишини қўлга олди

Туркия полицияси ИШИД га алоқадорликда гумонланган 24 кишини қўлга олди. Сўнгги ўн йил давомида ИШИД Туркияда 10 та худкушлик ҳужуми, 7 та теракт ва тўртта қуролли ҳужум уюштириб, 300 дан ортиқ тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган.

Туркия ички ишлар вазири 23 март куни берган баёнотида мамлакат бўйлаб ўтказилган аксилтеррор амалиётларида ИШИД террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумонланган камида 24 нафар фуқаро ҳибсга олинганини айтди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Маълум қилинишича, «Боздоган-15» тезкор операцияси доирасида разведка ва терроризмга қарши кураш бўлимлари махсус ходимлари Аксарай, Болу, Газиантеп, Истанбул, Ялова, Килис, Сакаря ва Самсун вилоятларида текширув ўтказган. Шубҳали фуқаролар хонадонлари тинтув қилинган.

Ҳозирда қўлга олинган 24 фуқаро тергов босқичини ўтамоқда. Рейдлар яна давом эттирилиши маълум қилинган.

ИШИД ташкилоти Туркия ҳудудида 2013 йилда тақиқланган ва террорчи ташкилот деб эълон қилинган. Сўнгги ўн йил давомида ИШИД Туркияда 10 та худкушлик ҳужуми, 7 та теракт ва тўртта қуролли ҳужум уюштириб, 300 дан ортиқ тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган.

Маълумот учун, Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залида содир этилган теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси — ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ўз зиммасига олди. Бу маълумотни АҚШ амалдорлари ҳам тасдиқлади.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда теракт уюштирганларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари экани тўғрисида хабарлар тарқалди. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳолатга муносабат билдириб, ОАВ вакилларидан фейк хабарлар тарқатмасликни сўради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: