11:38 | 08.07.23

                       

Туркиянинг энг машҳур курортларидан бири – Даламан

Даламан ўз ҳудудидаги қадимий аҳоли яшаш маконлари, тарихий харобалари ҳамда ҳеч қачон поезд келмайдиган темир йўл вокзали билан қизиқиш уйғотади.

Даламан нисбатан ёш курорт ҳисобланиб, мафтункор табиати сабаб йилдан йилга кўпроқ сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Ҳудуд апелсин боғлари бўлган яшил тепаликлар ва Ўрта Ер денгизи ҳамда Эгей денгизлари билан ўралган. Гўзал манзаралар билан биргаликда курорт ўз ҳудудидаги қадимий аҳоли яшаш жойлари, тарихий харобалари, шунингдек, ҳеч қачон поезд келмайдиган темир йўл вокзали билан қизиқиш уйғотади. Даламан ҳақидаги энг қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Даламан Туркиянинг жануби-ғарбий соҳилида икки денгиз чегарасида, машҳур Мармарис ва Фетҳие курортлари орасида жойлашган. Ҳудуд ям-яшил тепаликлар ва маҳаллий пляжларнинг феруза сувлари ва жуда гўзал табиати билан машҳур. Шаҳар кичик, унда ўттиз мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилса-да, бу ҳар йили миллионлаб сайёҳларни қабул қиладиган турк қирғоғидаги энг машҳур курортлардан бири бўлишига тўсқинлик қилмайди.

Фото: Туркия туризм агентлиги

Минтақанинг тарихи

Олимларнинг фикрига кўра, замонавий Даламан ҳудудидаги аҳоли пунктлари тахминан 3 минг йил олдинги тош асрига бориб тақалади. Милоддан аввалги XIII асрда бу ерда аллақачон юнон мустамлакаси шаклланган. Кейинчалик бу ҳудудда форслар ҳукмронлик қилган ва Александр Македонский вафотидан кейин Даламан Ликия таркибига кирган.

Қадимий Каунос шаҳри харобалари
Фото: Туркия туризм агентлиги

Қадимий Каунос шаҳри

ХI асрда ҳудудни эгаллаб олган салжуқийлар шаҳар маданияти, анъаналари ва динига катта таъсир кўрсатган. ХIII асрдан ХХ асргача минтақага Усмонли турклари ҳукмронлик қилган, бу ерлар империянинг бир қисмига айланганди. 1987 йилда Даламан шаҳрида халқаро аэропорт очилгандан сўнг шаҳарнинг курорт сифатида ривожланиши бошланди. Бугунги кунда у йирик транспорт маркази ва машҳур курорт ҳудудидир.

Дам олиш масканлари

Фото: Туркия туризм агентлиги

Даламан соҳили, аниқроғи унинг яқинидаги Саригерме қишлоғи бу ердаги энг яхши соҳиллардан бири ҳисобланади. Ҳар йили соҳил бўйи экологик тоза ва сузиш учун хавфсиз бўлгани учун «мовий байроқ» билан тақдирланади. Соҳил узунлиги 7 километрлик майин ва ёқимли қумдан иборат.

Даламан яқинидаги Далян курортида ажойиб Изтузу соҳили бор. Соҳил қўриқхонанинг бир қисмида жойлашганлиги учун денгиз тошбақалари ҳар йили тухум қўйиш учун бу ерга ташриф буюради. Юмшоқ қум соҳилининг узунлиги 5 километр. Бу соҳил сузиш учун қулай ва бу ерда сиз катта тошбақаларни учратишингиз мумкин. Агар омадингиз келса, қумдан денгизга интилаётган кичик тошбақачаларни ҳам кўришингиз мумкин. Соҳилга шаҳарлар марказидан ҳаракатланадиган маҳаллий автобуслар ёки таксида бориш имконияти мавжуд.

Диққатга сазовор жойлар

Даламаннинг асосий диққатга сазовор жойи — арча, зайтун ва цитрус дарахтлари билан қопланган гўзал манзарали тепаликлари ҳамда энг тоза денгизи ва ажойиб табиати ҳисобланади. Шунингдек, курорт ҳудудида асрлик пальма дарахтлари билан ўралган боғ ва унинг ёнида Миср ҳукмдори Аббос Пошшо масжиди жойлашган.

Далян
Фото: Туркия туризм агентлиги

ХIХ асрда овчиликнинг ашаддий ишқибози бўлган Миср подшоси ҳайвоноти кўп бўлган жойда ов уйи қуришга қарор қилади. Ушбу мақсад учун Даламан танланган. Ов уйини қуриш вазифасини Қирол француз архитекторларига топширган. Архитекторлар шу вақтда Искандария учун темир йўл вокзалини қураётгани сабаб, адашиб Мисрга ов уйининг лойиҳасини жўнатган, темир йўл вокзалини эса Даламанда қуришган. Хато аниқланганда эса кеч бўлади ва ҳеч қачон темир йўллари бўлмаган минтақада вокзал шу билан ишга туширилмаган.

Даламандаги Искандария темир йўл вокзали
Фото: Туркия туризм агентлиги

Қўшни курорт шаҳарча Далянда 3 000 йиллик бир нечта қадимий харобалар мавжуд. Ушбу шаҳарга ташриф буюриб сиз Қадимги Ликия шоҳлари дафн қилинган қабрларини кўришингиз мумкин. Қабрлар қояларга ўйилгани учун ҳайратланарли кўринишга эга.

Ликия қабрлари
Фото: Туркия туризм агентлиги

Қабрлардан унча узоқ бўлмаган жойда шифобахш сувлари билан машҳур Кўйжегиз кўли бор. Мазкур кўл суви турли минералларга бой бўлиб, у ерда ревматизм ёки турли дерматологик касалликларга чалинган одамлар учун чўмилиш фойдалидир. Шунингдек, унинг пастки қисмида шифобахш лой мавжуд. Кўл ҳақидаги афсоналарда Афродитанинг ўзи ҳам унда чўмилгани ҳақида айтилади.

Фото: Туркия туризм агентлиги

Даламан яқинида жуда кўп гўзал кўрфазлар бор. Шунинг учун, бу ерда мунтазам равишда яхталар ёки қайиқларда саёҳатлар ўтказилади. Ўзингиз ижарага олган қайиқда ёки кўплаб сайёҳлар билан бир яхтада ҳудуд бўйлаб саёҳат қилишингиз мумкин.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: