17:20 | 20.12.23

                       

Ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратишга 65 млрд сўм ажратилади

Президент IT экспорти бўйича юқори суръатларда ўсган ва паст натижа кўрсатган ҳудудларни санаб ўтди.

Шавкат Мирзиёев IT соҳасини ривожлантириш ва давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу йил IT соҳаси экспорти Тошкент вилоятида – 100 мингдан 4,4 миллион долларга, Самарқандда – 700 мингдан 3,2 миллионга, Андижонда – 60 минг доллардан 2,8 миллион долларга ошиб, юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлари экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди. Лекин, экспорт Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган ва Сирдарёда 500 минг долларга ҳам етмайди.

Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар IT билан мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотаяпти. Масалан, фарғоналик ёш дастурчи Брайл алифбосини таржима қиладиган дастур яратиб, АҚШ, Мексика ва Бразилияга 150 минг долларга сотган.

Давлат раҳбари 2024 йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилишини эълон қилди. Бунда:

IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;

  • иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компютер ва техникалар берилади;
  • 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;
  • экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.
  • Бу мақсадларга келгуси йилда 65 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўба корхоналарини очади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: