10:22 | 11.11.22

                       

«Украина элчисига эътироз етказилди» — Алишер Қодиров

Украина разведкаси Ўзбекистонни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётганликда айблаганди

«Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegramʼдаги канали орқали Украинанинг Ўзбекистондаги элчисига эътироз етказилганини маълум қилди.

Украина Мудофаа вазирлиги вакили Ўзбекистонни Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беришда айблаганди. Мамлакат разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкий La Repubblica нашрига берган интервьюсида «Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар Россияга ракеталарни яратиш учун зарур бўлган Америка ҳамда Япония фуқаролик компонентларини сотиш учун санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беряпти», деган. Ўз навбатида Украина элчиси Ўзбекистон ТИВга чақиртирилган ва ОАВда тарқалган асоссиз баёнот муносабати билан жиддий хавотир билдирилган.

«Айблов расман рад этилди. Украина элчисига эътироз етказилди. Уруш ҳолатидаги разведка эҳтимолларни кенгроқ олишини тушунаман, лекин бу даражада адашиш давлатларимиз орасига совуқлик туширишни мақсад қилган кучларни ‘махсус операциясиʼ бўлиб чиқмаслигига умид қиламан. Украинага тезроқ тинчлик қайтсин», — деб ёзади Қодиров.

Аввалроқ украиналик журналист Ўзбекистон ҳудудида Россия армияси учун Эрон дронлари йиғилаётганини айтиб, бизнесмен Леонид Невзлиндан Исроил Ўзбекистонга зарба бериши мумкинми дея сўраганди. Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси мазкур хабарни рад этган.

«Миллий тикланиш» партияси раиси украиналик журналист Дмитрий Гордон Ўзбекистон ҳақидаги гаплари учун кечирим сўраши кераклигини таъкидлаган. Ўз навбатида Ўзбекистон ТИВ Украина ҳукуматидан мамлакатга нисбатан асоссиз маълумотлар тарқатилганига чора кўришни сўраганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: